19.05.2018
Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти мисолида «Ҳар бир оила тадбиркор» дастури концепцияси билан танишди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган ушбу концепция меҳнат билан банд бўлмаган аҳолини тадбиркорлик, ҳунармандлик, фермерлик, касаначиликка ўргатиш орқали уларга даромад манбаи яратиб беришга қаратилган.
«Андижонда аҳоли зич жойлашган. Бир-иккита завод бир фоиз аҳолиниям иш билан таъминлай олмайди. Бу ерда одамларни фақат тадбиркорлик, ҳунармандлик орқали боқиш мумкин. Хонадонларга маблағ киритсак, зарур ускуналар бериб, ақл билан ишлашни ўргатсак, одамлар ўзини ўзи боқади. Уйига буюм олади, боласига китоб олиб беради, солиққа, электрга пул тўлайди, бюджетга маблағ тушади. Бир йилдан кейин сарфлаган пулимиз икки баробар бўлиб қайтади. Иқтисодий механизм мана шундай бўлиши керак», деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари тадбиркор ва ҳунармандлар етказиб берадиган маҳсулотлар сиғимини аниқлаш, одамлар сотиб оладиган товарлар ишлаб чиқариш, хусусан, паррандачилик ва балиқчиликни ривожлантириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.