30.03.2018
Президент Шавкат Мирзиёев Манас қишлоғида “Обод қишлоқ” дастури асосида амалга оширилган ишларни кўздан кечирди.
Чекка ҳудудда жойлашган бу қишлоқ эътибордан четда қолган эди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу ерда кенг кўламдаги ишлар амалга оширилди. 34 та кўп қаватли уйнинг томи тўлиқ қайта ёпилди, ёрдамчи бинолар қурилди. Савдо ва маиший хизмат шохобчалари қурилди.
Атрофга мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 6,5 километр узунликдаги сув қувури ётқизилди. 41 километр узунликдаги коллектор-дренаж тармоқлари тозаланди.
Аёлларни иш билан таъминлаш мақсадида иккита тикувчилик цехи ишга туширилиб, 120 дан зиёд хотин-қиз иш билан таъминланди.
Қишлоқ врачлик пункти ўрнида замонавий оилавий поликлиника бунёд этилди. Президентимиз ушбу поликлиникани кириб кўрди. Аҳоли саломатлигини сақлаш, касалликларни профилактика қилиш бўйича зарур кўрсатмалар берди.
Иккита умумтаълим мактаби ва мактабгача таълим муассасалари тўлиқ таъмирланиб, қайта жиҳозланди. 17 та болалар майдончаси қурилди. Минифутбол майдонлари, 250 ўринли стадион барпо этилди.
Шавкат Мирзиёев мактабгача таълим муассасасида бўлди.
Мактабгача таълим тизимига катта эътибор қаратяпмиз, ҳамма жойда замонавий боғчалар қуряпмиз. Лекин унинг файзи, баракаси, асосий мақсад-муддаоси тарбияда, деди Президентимиз. Фарзандларимизни болаликдан яхши тарбияласак, ўз йўлини, ишини топиб кетади.
Давлатимиз раҳбари янги қуриб, фойдаланишга топширилган новвойхонага ҳам кирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтилди. Бу ишлар аҳоли турмуш тарзини яхшилайди, юртимизни обод қилади. Энг муҳими, одамларнинг дунёқарашини ўзгартиради, деди Шавкат Мирзиёев.