06.03.2018
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 мартдаги ПҚ-3589-сон қарори
Сўнгги йилларда республика иқтисодиёти ва аҳолисига автотранспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилганлиги қайд этилсин. Йўловчи ташиш йўналишлари тармоғи 2006 йилга нисбатан 1,4 бараварга ортди, республикада 117 та йўловчи автовокзали ва автостанцияси фаолият кўрсатмоқда, ташувлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга автотранспорт хизматлари соҳасини жадал ривожлантиришнинг мавжуд имкониятлари ва захираларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Автотранспорт ҳўжаликларини модернизация қилиш замонавий талаблар даражасида эмас, соҳада илғор ахборот-коммуникация технологиялари ва интеллектуал транспорт тизимлари етарли даражада жорий этилмаяпти. Оғир юк ташувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракатдаги таркиби паркининг эскирганлиги юқорилигича қолмоқда. Мамлакатнинг автотранспорт хизматлари экспорти ва транзитини ошириш салоҳиятининг имкониятлари ва захираларидан тўлақонли фойдаланилмаяпти.
Ташиш жараёнлари, қатнов жадвалларига риоя этилиши, йўловчилар томонидан йўл ҳақини электрон тарзда тўлаш самарадорлиги, тушумнинг йиғилиши ва тўлалиги устидан марказлаштирилган диспетчерлик бошқаруви ва назорати тизими мавжуд эмас. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги амалга ошираётган ишлар минтақалардаги йўловчи транспортини бошқариш бўйича махсус ваколатли органлар томонидан деярли такрорланмоқда.
Автомобилда ташишлар ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш юзасидан назорат чораларининг тубдан кучайтирилиши йўловчилар автотранспортида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича профилактик чоралар кўришни талаб этади.
Автомобиль транспортини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, автомобиль транспортида ташишлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда автотранспорт хизматлари бозорини шакллантириш ва ривожлантириш мақсадида:
1. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг дарё транспорти соҳасидаги давлат бошқаруви бўйича ваколати Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ўтказилсин.
2. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги (кейинги ўринларда “Ўзавтотранс” агентлиги деб аталади) этиб қайта номлансин.
3. Қуйидагилар “Ўзавтотранс” агентлигининг асосий вазифалари ва фаолиятининг йўналишлари этиб белгилансин:
автомобиль транспорти объектлари ва йўловчилар хавфсизлигини таъминловчи истиқболли ахборот-коммуникацион технологияларини
ва инновацион ёндашувларни кенг қўллаган ҳолда янги бошқарув тизимларини жорий этиб, автомобиль транспорти соҳасида ягона техника сиёсатини юритиш;
автомобиль ташувларида норматив-хуқуқий ва методик базани такомиллаштириш, автомобиль транспорти ташишлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича муаммолар юзасидан халқаро нормалар, илмий-текширув, лойиҳа-конструкторлик, технологик ишларни инобатга олган ҳолда техник тартибга солиш соҳасида норматив хужжатларнинг ягона маълумотлар базасини ишлаб чиқиш ва шакллантириш;
иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг ташишларга бўлган эҳтиёжларини ҳамда автомобиль транспорти хавфсизлигини таъминлаш чораларини инобатга олган ҳолда, қишлоқ аҳоли пунктларини, шаҳарлар, вилоят ва туман марказларини боғловчи янги йўналишларни очиш, автомобиль транспортини ривожлантириш бўйича комплекс дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
йўловчиларга кенг кўламли хизматлар кўрсатиш учун шароит яратиш, шу жумладан, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаб, автовокзаллар ва автостанциялар фаолиятини марказлашган ҳолда бошқариш ва мувофиқлаштириш тизимини жорий этиш;
автовокзаллар ва автостанциялар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарамоғида бўлган умумий фойдаланишдаги йўловчи ташиш йўналишларидаги тўхташ бекатларини лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашни ташкил этиш;
ташиш жараёнлари, қатнов жадвалларига риоя этилиши, йўлларда ҳаракатланиш тезлиги мониторинги, ҳаракат йўналиши схемасига риоя этилиши ҳамда аҳолига реал вақт тарзидаги маълумотлар хизматининг кенг кўламли рўйхати тақдим этилиши юзасидан марказлашган диспетчерлик бошқаруви ва назорати тизимини жорий этиш;
ташув йўналишларини тендер асосида жойлаштириш, йўловчи ташишлари сифати ва хавфсизлигини ошириш, тендерлар ташкилотчилари ишини мувофиқлаштириш механизмларини жорий этиш йўли билан автомобиль транспорти хизматлари бозорида бозор муносабатлари ва рақобат муҳитини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан фаол мулоқот қилиш орқали автомобиль транспорти соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан келишган ҳолда, янги мунтазам халқаро автобус йўналишларини очиш ҳамда халқаро автомобиль ташувлари соҳасидаги халқаро шартномалар бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш, бу соҳадаги амалдаги шартномаларни қайта кўриб чиқиш ва янгиларини тузиш, халқаро юк ташувларини амалга ошириш учун рухсатномалар бланкаларини ўзаро айирбошлаш;
автомобиль транспортида йўловчи ва юкларни ташиш фаолиятини лицензиялаш, автомобиль транспортида йўловчи ва юкларни ташиш қоидаларига амал қилиш, автомобилда ташувлар хавфсизлигини таъминлаш талабларига, оғирлик ва габарит кўрсаткичларига ҳамда ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимларига риоя этилишини назорат қилиш;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида автомобилда халқаро ташувларни амалга ошириш шартларига риоя этилишини назорат қилиш (Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари бундан мустасно);
автомобиль транспортида, энг аввало, транспорт хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни тизимли ташкил этиш;
“Ўзавтотранс” агентлигига юкланган вазифалар ва фаолият йўналишларининг сифатли ҳамда тўлақонли бажарилиши учун шахсий жавобгарлик “Ўзавтотранс” агентлиги бошлиғи зиммасига юклансин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги шаҳар йўловчи транспортини бошқариш бўйича махсус ваколатли органлар “Ўзавтотранс” агентлигининг тегишли ҳудудий бошқармаларига бирлаштирилсин ва уларга махсус ваколатли органлар ва департаментларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, штат бирликлари ва мол-мулклари 1-иловага мувофиқ рўйхат бўйича берилсин.
Шаҳар йўловчи транспортини бошқариш бўйича махсус ваколатли органлар ва департаментларни “Ўзавтотранс” агентлигининг тегишли ҳудудий бошқармаларига бирлаштириш бўйича комиссия таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Автомобиль ва дарё транспортини ривожлантиришни норматив-техник таъминлаш Республика маркази “Ўзавтотранстехника” илмий-ишлаб чиқариш маркази” ДК;
"Автодарётранс-илм" касб малакасини ошириш давлат илмий-методик маркази “Автомобиль транспорти кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш институти” ДК деб қайта номлансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Нукус автомобиль йўл-хўжалиги ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежини, Андижон транспорт ва хизматлар кўрсатиш касб-ҳунар коллежини ҳамда Самарқанд автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежини, уларнинг таъминотини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартибини сақлаб қолган ҳолда, “Ўзавтотранс” агентлиги таркибига ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
7. Қуйидагилар:
Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлигининг ташкилий тузилмаси 3-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги марказий аппарати тузилмаси унинг ходимлари чекланган умумий сонини 80 киши, шу жумладан, бошқарув ходимларини 62 киши этиб, 4-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги ҳудудий бошқармаларининг намунавий тузилмаси ва чекланган ходимлари сони 5 ва 5 "а"-иловаларга мувофиқ;
Автомобиль транспортини бошқариш тизимига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш дастури 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига автомобиль транспортини бошқариш тизимига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш дастурини амалга ошириш натижаларини ҳар томонлама таҳлил қилиш асосида дастур параметрларига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари “Ўзавтотранс” агентлиги билан биргаликда шаҳар ва туманларда янги ташкил этилаётган автомобиль ташувларини мувофиқлаштириш шуъбаларининг шаҳар ва туманларда жойлаштирилишини таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 январдаги ПҚ-2724-сон қарори билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда шаҳарлар ва қишлоқларда автотранспорт хизматларини янада ривожлантириш дастурига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилсин:
янги автобус йўналишларини ташкил этиш ҳамда автовокзаллар ва автостанциялар қурилиши ва реконструкция қилинишининг 2018-2021 йилларда республика иқтисодиёти ва чекка минтақалар аҳолисининг ташишларга бўлган эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда янгиланган мақсадли кўрсаткичлари 7-8-иловаларга мувофиқ;
2018-2021 йилларда автомобилда халқаро ташишларни амалга ошираётган миллий ташувчиларнинг катта ҳажмли юк автотранспорт воситалари паркини янгилашнинг прогноз кўрсаткичлари 9-иловага мувофиқ.
2017-2021 йилларда шаҳарлар ва қишлоқларда автотранспорт хизматларини янада ривожлантириш дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилиши юзасидан масъулият Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда “Ўзавтотранс” агентлиги бошлиғи зиммасига юклансин.
10. Илмий-тадқиқот ишлари, йўловчи автовокзаллари ва автостанциялари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига қарашли бўлган умумий фойдаланишдаги йўловчи йўналишлари оралиқ бекатларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича дастурлар, автотранспорт воситаларини харид қилиш ва автомобиль транспортини бошқариш тизимига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, “Ўзавтотранс” агентлигини сақлашни молиялаштириш мақсадлари учун юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлигининг Автомобиль транспортини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) ташкил этилсин.
Жамғармани молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:
шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро автомобилда йўловчилар ва юк ташишларни амалга оширишга лицензиялар бериш ва уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш учун тўланадиган давлат божи маблағларининг 100 фоизи;
“Ўзавтотранс” агентлигининг ҳудудий бошқармалари инспекторлари томонидан автомобиль ташувлари соҳасида тузилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомалар бўйича ундириладиган жарималар суммасининг 84 фоизи;
Жамғармага юкланган вазифаларни амалга ошириш учун жалб этиладиган халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорлар кредитлари (заёмлари) ва грантлари;
давлат ва хусусий ҳамкорлик доирасидаги хусусий инвестициялар ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.
«Ўзавтотранс» агентлиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда икки ой муддатда Жамғарма тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
11. 2022 йилнинг 1 январигача бўлган муддатга:
лизинг компаниялари ва халқаро ташувларни амалга оширувчи миллий ташувчилар Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётган ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилиб харид қилинаётган юк автотранспорти воситаларини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги органларида рўйхатдан ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига ундириладиган йиғимлар тўловидан;
асосий фаолияти автобусларда йўловчи ташишни амалга ошириш бўлган умумий фойдаланишдаги шаҳар йўловчи транспорти ташкилотлари ер солиғи тўловларидан озод этилсин.
12. «Ўзавтотранс» агентлиги бошлиғига:
автобусларда йўловчи ташиш (шу жумладан, халқаро) хизматини кўрсатувчи, юкларни автомобилда ташишлар ҳамда транспорт-логистика фаолиятини амалга оширувчи, тўхташ бекатларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва бошқа автомобиль транспорти соҳасида фаолият юритувчи унитар корхоналар шаклидаги мустақил махсус корхоналарни ташкил этиш;
“Ўзавтотранс” агентлиги тузилмасидаги унитар корхоналарни бирлаштириш ва тугатиш ҳуқуқи берилсин;
13. «Ўзавтотранс» агентлигига ва унинг томонидан ташкил этиладиган махсус корхоналарга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплекси раҳбари билан келишган ҳолда, тендер савдолари ўтказмасдан, энг мақбул таклифларни танлаб олиш йўли билан автобуслар ва микроавтобуслар фаолиятини масофадан онлайн тарзида кузатиш ҳамда йўловчилар транспортида йўл ҳақини нақд пулсиз тўлаш тизимини жорий этиш учун мўлжалланган автотранспорт воситалари, дастурий маҳсулотлар, ускуналар, механизмлар, материаллар, бутловчи анжомларни ишлаб чиқарувчи заводлар (етказиб берувчилар) ёки уларнинг расмий дилерлари (дистрибьюторлари) билан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат этилсин.
14. “Ўзавтотранс” агентлиги ва унинг томонидан ташкил этиладиган янги махсус корхоналар асослаш эҳтиёжи мавжуд бўлганда техник-иқтисодий асослаш асосида 2023 йилнинг 1 январигача бўлган муддатга:
барча турдаги солиқлардан ва мақсадли давлат жамғармаларига ўтказиладиган мажбурий тўловлардан озод қилинсин, бунда бўшаган маблағлар янгидан ташкил этиладиган махсус ташкилотларнинг моддий- техника базасини мустаҳкамлаш учун мақсадли ишлатилиши;
Ўзбекистон Республикасига белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган транспорт воситалари, бутловчи анжомлар ва эҳтиёт қисмлар, ускуналар, асбоблар ва приборлар, машиналар ва механизмлар, компьютер ва диагностика техникаси учун божхона тўловларидан озод этилиши белгилаб қўйилсин (божхонада расмийлаштирувлар учун йиғимлар бундан мустасно);
Белгилаб қўйилсинки, “Ўзавтотранс” агентлиги ва унинг томонидан ташкил этилаётган янги махсус ташкилотлар ўртасида, шунингдек, ташкилотларнинг ўзлари ўртасида қайтармаслик шарти билан топширилаётган ва қабул қилинаётган мол-мулк юридик шахсларнинг қўшимча қиймат ва даромад солиғи бўйича солиққа тортиш объекти ҳисобланмайди.
15. “Ўзавтотранс” агентлиги ходимлари хизмат вазифаларини бажаришда идоравий формали кийим-бош кийиши белгилансин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, идоралари ва ташкилотларининг формали кийим-бошларини ишлаб чиқиш, стандартлаш, тасдиқлаш ва тайёрлаш механизмини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 27 февралдаги ПҚ-2800-сон қарори 1-иловасидаги “Идоравий формали кийим-бош” бобига қуйидаги мазмундаги 6-банд қўшилсин:
“6. Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги”.
16. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда “Ўзавтотранс” агентлиги ва унинг томонидан ташкил этиладиган янги мустақил ташкилотларга давлат тасарруфидаги автовокзаллар, автостанциялар, бинолар ва ишлаб чиқариш майдонларини бериш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
17. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳукумат қарорини икки ҳафта муддатда қабул қилсин.
18. «Ўзавтотранс» агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
19. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 10 январдаги ПҚ-2724-сон қарорининг 1 ва 4-иловалари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
20. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси А.Ж.Раматов ва Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги бошлиғи Д.Т.Деҳқонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Шавкат Мирзиёев
“Автомобиль транспортини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига
ШАРҲ
Сўнгги йилларда республика иқтисодиёти ва аҳолисига автотранспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Йўловчи ташиш йўналишлари тармоғи кўлами 1,4 бараварга ортди, республика бўйича 117 та йўловчи автовокзали ва автостанцияси фаолият кўрсатмоқда.
Ҳаракатдаги таркибни замонавий, қулай автобуслар, микроавтобуслар, юк автомобиллари билан янгилаш, йўналишларни оқилона ташкил этиш ва кенгайтириш, ташишлар хавфсизлиги чораларини кучайтириш ҳисобига аҳолининг автомобиль ташишларига эҳтиёжини имкон қадар тўлақонли таъминлаш автомобиль транспортини ривожлантиришнинг асосий йўналишидир.
Ушбу факторларни ҳисобга олган ҳолда қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилди:
биринчидан, соҳада кичик тадбиркорликни ривожлантириш учун қонунчилик даражасида қулай шарт-шароитлар яратилди;
иккинчидан, йўловчилар автовокзаллари ва автостанцияларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш, янги йўловчи йўналишларини очиш, автомобиль транспорти ҳаракатдаги таркибини янгилаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда;
учинчидан, ташишлар йўналишларини тендер орқали жойлаштириш механизмларини жорий этиш йўли билан автомобиль транспорти хизматлари бозорида бозор муносабатлари ва рақобат муҳитини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда;
тўртинчидан, автомобиль ташишларини бошқариш тизимига тадбиркорлар томонидан тегишли давлат хизматларини олишда рухсат бериш ва лицензия жараёнларини максимал даражада соддалаштириш, талаб этилаётган ҳужжатлар сони, уларни тақдим этиш муддатларини қисқартиришни назарда тутувчи ягона ахборот-интеграллашув тизими жорий этилган.
Шу билан бир қаторда, автотранспорт хизматлари соҳасини жадал ривожлантиришнинг мавжуд имкониятлари ва захираларидан тўлиқ ҳажмда фойдаланилмаяпти. Автотранспорт хўжаликларини модернизация қилиш замонавий талаблар даражасида эмас, соҳада ахборот-коммуникация технологиялари ва интеллектуал транспорт тизимлари етарли даражада жорий этилмаяпти, автотранспорт хизматлари экспорти-импорти ва транзит салоҳиятидан фойдаланиш даражаси пастлигича қолмоқда.
Автомобиль транспортини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, ташкилий ва институционал ўзгаришларни самарали амалга ошириш, автотранспорт хизматлари бозорини шакллантириш ва ривожлантиришга кўмаклашиш ва автомобиль ташишлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Автомобиль транспортини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди:
биринчи – Агентликнинг кемачилик Регистри томонидан дарё транспортининг давлат бошқаруви ва тартибга солиш функциялари Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг кичик ҳажмли кемалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат инспекцияси функциялари билан ўхшашлиги инобатга олиниб, Агентликнинг кемачилик Регистри Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқарувига ўтказилмоқда;
иккинчи – автотранспорт соҳасида ваколатли давлат бошқаруви органларининг ортиқча такрорловчи жараёнлари бекор қилинмоқда;
учинчи – 2018-2021 йилларда 437 та янги йўловчи йўналишларини ташкил этиш ҳамда 84 та автовокзал ва автостанцияни қуриш ва реконструкция қилишнинг, иқтисодиёт соҳалари ва аҳолининг республика чекка минтақаларида ташишларга бўлган эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда янгиланган мақсадли кўрсаткичлари, шунингдек, юкларни халқаро автомобилда ташишларни амалга оширувчи миллий ташувчиларнинг оғир юк ташувчи 3824 та автотранспорт воситалари паркини янгилашнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланмоқда;
тўртинчи – автомобиль ташувлари билан боғлиқ масалаларни тезкор ҳал этиш учун шаҳарлар ва туманларда автомобиль ташувларини мувофиқлаштириш шуъбалари ташкил этилмоқда;
бешинчи – автомобиль транспортини бошқариш тизимига интеллектуал транспорт тизими инновация лойиҳаларининг зарур элементларини жорий этишни назарда тутувчи, умумий қиймати тахминан 90 миллиард сўмни ташкил этувчи ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш Дастури тасдиқланмоқда, жумладан:
умумий фойдаланишдаги йўловчилар ташишларни амалга оширишни онлайн тарзда автоматлаштирилган мониторинг қилиш тизимини тезкор хизматлар тизимлари билан интеграллашган ҳолда яратиш ва жорий этиш;
умумий фойдаланишдаги шаҳар йўловчилар транспортида ягона автоматлаштирилган йўл ҳақи тўлови тизимини жорий этиш;
белгиланган вазифалар ва функциялар бажарилишининг тезкорлиги ва сифатини оширишга ҳамда кўрсатилаётган интерактив давлат хизматлари рўйхатини кенгайтиришга имкон яратувчи “Ўзавтотранс” агентлиги фаолиятининг автоматлаштирилган ахборот тизимларини яратиш;
олтинчи – ташишлар жараёни, автовокзаллар ва автостанциялар фаолиятининг марказлашган нозимлик назорати ва бошқаруви тизимини яратиш ва жорий этиш назарда тутилмоқда;
еттинчи – жойлардаги маҳаллий давлат органлари қарамоғида бўлган умумий фойдаланиш йўловчи йўналишларидаги тўхташ бекатларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш назарда тутилмоқда;
саккизинчи – соҳани янада ривожлантириш бўйича дастурий чора-тадбирларни молиялаштириш мақсадлари учун Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлигининг Автомобиль транспортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилмоқда.
тўққизинчи – Автомобиль транспорти соҳасини ёш мутахассислар билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги таркибидаги 3 та (Нукус автомобиль йўл хўжалиги ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи, Андижон транспорт ва хизматлар кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ҳамда Самарқанд автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежи) “Ўзавтотранс” агентлиги таркибига ўтказилмоқда.
«Ўзавтотранс» агентлиги қошида автомобилда йўловчилар ёки юклар ташиш, транспорт-логистика фаолиятини амалга оширувчи мустақил ихтисослашган, юридик шахс ҳуқуқлари билан унитар корхоналар ташкил этилади.
Автотранспорт воситаларининг оғирлик ва габарит кўрсаткичлари назоратини жорий этиш бўйича стационар ва кўчма масканларни амалда жорий этиш чора-тадбирлари режалаштирилмоқда.
Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортини ташкил этиш тизимини такомиллаштириш, давлат бошқаруви ва тартибга солиш функцияларини аниқ белгилаб олиш, ташкилий ва институционал ўзгартиришлар, хизмат кўрсатиш бозори ҳамда автомобиль ташишлари хавфсизлигини шакллантириш ва ривожлантириш масалаларини ҳал этишда махсус ваколатли давлат органи ҳисобланган Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги фаолияти самарадорлигини оширишга имкон яратади.