16.02.2018
Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифини Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади.
Қуръон тиловат қилинди.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда, жумладан, Бухоро вилоятида муқаддас қадамжолар кўплиги, уларни зиёрат қилиш юртдошларимиз учун ҳам қарз, ҳам улкан саодат эканини таъкидлади. Ёш авлодни аждодларимизнинг маънавий мероси асосида тарбиялаш ҳақида сўз юритилди.
Шу ерда Абдухолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллуд саналарини нишонлаш, «Етти пир» номи билан машҳур қадамжоларни обонлаштириш лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.
Шавкат Мирзиёев режалаштирилган қурилиш ишлари мазмунан чуқур ўйланмаганини танқид қилди. Алломаларимиз юбилей саналарини уларга муносиб тарзда, дунё олимларини жалб қилган ҳолда юксак савияда нишонлаш зарурлигини таъкидлади. «Етти пир» мақбараларини обод қилиш, уларни бир йўл билан боғлаш лойиҳаларини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.